Тошкент шаҳар судлари 2026 йилнинг февраль ойида ЙПХ инспекторини уриб юборган BMW M4 автомобилининг вояга етмаган ҳайдовчисига чиқарилган ҳукмга изоҳ берди. Ўсмирга 2 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ушбу қарор кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, вояга етмаганларга нисбатан жазо азоб беришга эмас, биринчи навбатда уларни ахлоқан тузатиш ва жамиятга қайтаришга қаратилган. Вояга етмаганлар иштирокидаги жиноят ишлари ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади, озодликдан маҳрум қилиш жазосини эса улар махсус тарбия колонияларида ўтайдилар.
Жазо тайинлашда суд судланувчининг ёшини ҳисобга олди: ҳодиса содир бўлган вақтда у ҳали 16 ёшга тўлмаган, мактаб ўқувчиси бўлган. Судлар қонунчиликда вояга етмаганлар жавобгарлигининг инсонпарварлик тамойилига асосланган алоҳида тартиби назарда тутилганини таъкидладилар.
Шу билан бирга, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган. Томонлар ушбу қарор устидан юқори инстанцияга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Автоҳалокат 25 февраль куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Нукус кўчасида юз берган. Иш материалларига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомобилни бошқариш тажрибасига эга бўлмаган мактаб ўқувчиси BMW M4 русумли автомобилни бошқарган.
Тергов талқинига кўра, ўсмир автомобилни танишининг қариндошлари топшириғи билан қолдирилган автомойкадан ўзбошимчалик билан ҳайдаб чиққан. ЙПХ инспектори тўхташ талабини билдирганда, бошқа автомобиллар секинлаша бошлаган, бироқ ўсмир уларни айланиб ўтиб, ходимни уриб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Икки кундан сўнг инспектор шифохонада вафот этган.
Дастлаб ўсмирга Жиноят кодексининг 267-моддаси («Транспорт воситасини олиб қочиш») ва 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айблов эълон қилинган эди. Суд муҳокамаси давомида олиб қочиш бўйича айблов чиқариб ташланди ва иш фақат ЖКнинг 104-моддаси бўйича кўриб чиқилди.


