Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда 1 октябрдан автобус ва метрода электрон тўлов учун йўл ҳақини 1 700 сўмдан 2 500 сўмга ошириш таклиф этилган. Мазкур лойиҳа юзасидан Транспорт вазирлиги изоҳ берди.
Қайд этилишича, пойтахт жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 млн йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда автобуслар сони қарийб икки баробар ошиб, 1 900 тага яқинлашган, ўртача қатнов оралиғи эса 30 дақиқадан 15 дақиқагача қисқарган.
Вазирликка кўра, амалдаги тариф ташувчиларнинг харажатларини тўлиқ қопламайди. Харажатларга ҳайдовчи ва техник ходимлар иш ҳақи, ёқилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар, таъмирлаш, депо ва қувватлантириш инфратузилмаси, тозалаш, навигация ҳамда электрон тўлов тизимларини сақлаш киради. Харажатларнинг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Шунингдек, тариф ўзгариши билан бирга ташувчиларга қатновлар мунтазамлиги, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги ҳамда хизмат сифати бўйича талабларни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.
Ҳозирча тарифларни ошириш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган. Лойиҳа 19 сентябрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.


