Олмазор туманида меҳнат бозори эҳтиёжлари ва кадрлар тайёрлаш тизими ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.
Айни пайтда тумандаги иш берувчиларга 4 мингдан зиёд ўрта махсус маълумотли мутахассислар ҳамда қарийб 1 минг нафар махсус маълумот талаб этилмайдиган йўналишларда ишчи кучи зарур.
Шу муносабат билан Олмазор касбий кўникмалар маркази негизида 400 ўринли ахборот технологиялари ва илғор инновациялар техникуми, собиқ Тошкент архитектура-қурилиш коллежи биносида эса замонавий касб-ҳунар маркази ташкил этилади. Мавжуд бошқа бинолардан ҳам касбга ўқитиш мақсадида самарали фойдаланиш режалаштирилган.
Хорижий меҳнат бозори учун кадрлар тайёрлаш доирасида Германиянинг хусусий ўқув марказлари билан ҳамкорликда 500 кишига мўлжалланган немис тили курслари ташкил этилади. Шунингдек, Чехия ва Словакия учун тиббиёт ходимларини тайёрлаш йўлга қўйилади.
Германия, Япония, Корея ва Буюк Британиядан 20 та йирик рекрутинг компаниясини жалб қилиш, Франция компаниялари билан ҳамкорликда эса ҳар йили 1,5 минг нафар фуқарони мавсумий ишга жойлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
Шунингдек, Ёшлар шаҳарчасида 42 гектар майдонда IT-парк, юқори технологияли саноат ва таълим объектларини бирлаштирган инновацион кластер ташкил этиш ишларини йил якунига қадар бошлаш вазифаси белгиланди.


