Ўзбекистонда Давлат экологик назорати инспекцияси ходими Мирзо Ботиров ҳалок бўлди. У электр қармоқдан фойдаланиб, ноқонуний балиқ овлаётган шахсларга қарши рейд вақтида сувга тушиб кетган ва бир неча соат ўтиб, ҳалок бўлган ҳолда топилган.
Айдар-Арнасой кўллар тизими назорати бўлими бош мутахассиси Мирзо Ботиров 9 сентябрь куни кечқурун Сирдарё ўзанида тезкор рейд ўтказаётган эди.
Соат тахминан 23:00 да инспектор электр қармоқдан фойдаланган ҳолда ноқонуний балиқ овлаётган шахсларнинг қаршилигига дуч келган. Ҳодиса давомида у сувга тушиб кетган.
Жойида тегишли хизматлар ва ташкилотлар жалб этилган ҳолда қидирув ишлари ташкил этилди. 10 сентябрь куни Мирзо Ботировнинг жасади топилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига таъзия билдирди. Оиласига зарур ёрдам кўрсатилмоқда, ҳодисанинг барча ҳолатлари ҳамда сабаблари ўрганилмоқда.
Мардлиги, фидойилиги ва хизмат бурчига садоқати учун Мирзо Ботиров вафотидан сўнг «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.


