Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қатардаги Ислом санъати музейида «Ўзбекистон: ҳаракатдаги мерос» кўргазмасини очди. Тадбир Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Экспозициядан Ўзбекистон музейлари ва Қатар коллекцияларига киритилган ноёб экспонатлар ўрин олган. Унда ислом дини тарқалишидан олдинги давр, Сомонийлар ва Темурийлар даврига оид осори-атиқалар намойиш этилган.
Кўргазма тарихий мероснинг бугунги давргача бўлган босқичларини қамраб олади. Унда анъанавий ҳунармандчилик ва тўқимачилик санъати намуналари ҳам тақдим этилган.
Лойиҳа Қатар аҳолиси ва меҳмонларини Ўзбекистон тарихи билан яқиндан таништиришга хизмат қилади. Шунингдек, у икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.
Шу куни «Ektashif Uzbekistan» кўргазмаси ҳам очилди. У Қатарнинг етти нафар ҳунармандлари Тошкент, Самарқанд ва Бухорога қилган ижодий сафари натижаларини намойиш этади.
Экспозицияда ўзбек маданиятидан илҳомланган заргарлик буюмлари ва нафис гиламлар жой олган. Шунингдек, қадимий хаттотлик услубидаги ишлар ва сафар давомида олинган фотосуратлар тақдим этилган.


