Ўзбекистонда таълим тизимида давлат тилини ўқитиш сифатини ошириш ва педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган республика ўқув-семинари бошланди.
24–28 август кунлари Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида «Мактабгача ва мактаб таълимида ўзбек тилини сифатли ўқитиш: замонавий методика ва инновацион ёндашувлар» мавзусида семинар ташкил этилмоқда.
Тадбирга мамлакатнинг барча ҳудудларидан 180 нафар педагог жалб қилинган. Уларнинг 120 нафари мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари, 60 нафари эса умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчиларидан иборат.
Семинарнинг очилиш маросими 24 август куни Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида ўтказилди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов, Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари бўлинмасининг лойиҳа координатори Юлия Рисюкова, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директор ўринбосари Ҳабибулло Носиров иштирок этди.
Семинарда таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган мактаблар ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, педагогларнинг замонавий методикалардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Умумий ўрта таълим педагоглари учун ўзбек тилини ўқитишнинг замонавий усуллари, мулоқотга йўналтирилган таълим, амалий топшириқлар асосида ўқитиш, дарсларни режалаштириш ва баҳолаш усуллари бўйича машғулотлар ташкил этилган.
Мактабгача таълим йўналишида эса болаларга ўзбек тилини ўргатишда ўйин технологияларидан фойдаланиш, табиий тил муҳитини яратиш, талаффуз ва луғат бойлигини ривожлантириш усуллари ўрганилмоқда.
Тадбир доирасида «Ўзбек тили» интерактив таълим платформаси ҳам тақдим этилди. У мактабгача таълим тарбиячилари ва педагогларга рақамли воситалар асосида ўзбек тилини ўргатиш имконини беради.
Платформада болаларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиқиб, кичик ва ўрта гуруҳлар, шунингдек, катта ва тайёрлов гуруҳлари учун ўқув ресурслари шакллантирилган. Уларда мавзули материаллар, интерактив ўйинлар ва видеомашғулотлар жойлаштирилган.
Ресурслар орқали болаларнинг луғат бойлигини ошириш, оғзаки нутқини ривожлантириш ва ўзбек тилида мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш кўзда тутилган.
Семинарда рақамли технологиялар, сунъий интеллект воситалари ва замонавий ўқув ресурсларидан фойдаланиш бўйича ҳам амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Тадбир якунида семинарни муваффақиятли тамомлаган педагогларга сертификатлар топширилади. Улар ўз ҳудудларига қайтиб, «Миллий ментор» сифатида олган билим ва кўникмаларини бошқа педагогларга етказиши ҳамда замонавий методикаларни таълим амалиётига жорий этиши режалаштирилган.


