Марказий банк кредит рекламалари ва кредит шартномаларида қарз олувчилар учун молиявий хатарлар ҳақидаги огоҳлантиришларни мажбурий жойлаштиришни таклиф қилмоқда.
Лойиҳага кўра, кредит рекламасида «кредит бўйича мажбуриятларни бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкин» деган мазмундаги огоҳлантириш бўлиши керак.
У реклама майдони ёки вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим.
Кредит шартномасида эса огоҳлантириш учун янада катта жой ажратилади – у шартнома биринчи қисмининг асосий юзасини камида 30 фоизини эгаллаши лозим.
Огоҳлантиришда кредитни ўз вақтида тўламаслик қарз миқдорининг ошиши, мажбурий ундирув чоралари, мол-мулкка ундирув қаратилиши, ҳисобварақлардаги маблағларни хатлаш ҳамда кредит тарихига салбий таъсир қилиши мумкинлиги кўрсатилади.
Яна бир муҳим таклиф: агар банк таклиф этаётган кредит маҳсулоти истеъмолчини чалғитувчи деб топилса, Марказий банк банкнинг айрим молиявий операцияларини ёки инфратузилмасини кенгайтиришни 6 ойгача чеклаши ёки тақиқлаши мумкин.


