Адлия вазирлиги фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 11 августда 3921-сон билан рўйхатга олинди.
Низом «Soliq-servis» АЖнинг ҳудудий бўлимлари томонидан фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ҳужжатга мувофиқ, пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш хизматлари бепул кўрсатилади.
Шунингдек, янги ташкил этилган фермер хўжаликларига уларнинг хоҳишига кўра, дастлабки 6 ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизматлари учун ҳақ ундирилмайди.
Раҳбари ёшлар бўлган янги ташкил этилган фермер хўжаликларига эса тегишли хизматлар 2 йил давомида бепул кўрсатилади.
«Soliq-servis» АЖнинг ҳудудий бўлимлари фермер хўжаликларини бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тизимига қабул қилиш, иш ҳақи, солиқлар ва бошқа тўловларни ҳисоблаш, солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини тайёрлаш ҳамда инвентаризация жараёнларида иштирок этиш бўйича хизматлар кўрсатади.


