«Ўзатом» агентлигида Венгриянинг давлатга қарашли MVM EGI Zrt. компанияси делегацияси билан ишчи учрашув бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистонда қурилаётган атом электр станцияси майдонида қуруқ совитиш тизимларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар чоғида объектни янада лойиҳалаштириш, замонавий қуруқ совитиш технологияларини қўллаш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, айрим бутловчи қисмларни бевосита Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, лойиҳа бўйича шартнома музокараларининг якуний босқичига ўтиш масаласини муҳокама қилди. Ушбу босқич якунланганидан сўнг эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш режалаштирилган.
«Ўзатом» агентлигида таъкидланишича, қуруқ совитиш тизимларидан фойдаланиш сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган давлат сиёсатига мос келади ҳамда мамлакатнинг иқлим ва экологик шароитларига мослаштирилган технологик ечимларни жорий этишни назарда тутади.
MVM EGI Zrt. бош директори Петер Карпати компания «Ўзатом» агентлиги билан конструктив мулоқотни юқори баҳолашини таъкидлаб, Ўзбекистон атом энергетикасини барқарор ривожлантиришга хизмат қиладиган замонавий технологик ечимларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликни давом эттириш ва келишилган лойиҳаларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришдан манфаатдор эканини тасдиқладилар.
Венгрия делегациясининг ташрифи давом этмоқда. Икки кунлик ишчи дастур доирасида қуруқ совитиш тизимлари параметрлари ва лойиҳани амалий босқичга ўтказиш учун зарур бўлган бошқа муҳандислик ечимларини муҳокама қилишга бағишланган қатор техник учрашувлар режалаштирилган.
«Ўзатом» агентлиги ва MVM EGI Zrt. ўртасидаги ҳамкорлик аввал имзоланган Ўзаро англашув меморандуми доирасида амалга оширилмоқда. У қуруқ совитиш технологияларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистоннинг иқлим хусусиятларини инобатга олган ҳолда катта ва кичик қувватли атом электр станциялари учун замонавий ечимларни қўллашни қамраб олади.


