Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳри марказий қозонхонасини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди. Давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳа замонавий когенерация технологияларини жорий этишни назарда тутади.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор иссиқлик билан таъминлаш, энергия сарфини камайтириш ҳамда атмосферага чиқиндилар ҳажмини қисқартиришдан иборат. 1976 йилда қурилган мавжуд марказий қозонхона бугунги кунда энергия самарадорлиги паст бўлиб, асосан ижтимоий объектларга хизмат кўрсатмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичида соатига 34,4 гигакалория иссиқлик ва 21,5 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий энергетика мажмуаси барпо этилади. Шунингдек, 28 километр иссиқлик тармоғи ётқизилади, 189 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилади ҳамда кўп қаватли уйларнинг ички иситиш тизимлари янгиланади.
Биринчи босқич якунлангач, 136 та кўп қаватли уйдаги қарийб 6 минг хонадон, 23 мингдан ортиқ аҳоли ҳамда 40 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик таъминотига уланади. Кейинги босқичларда эса шаҳарнинг барча кўп қаватли уйлари ва ижтимоий муассасаларини тизимга улаш режалаштирилган.
Лойиҳанинг биринчи босқичини амалга ошириш учун 20 миллион АҚШ долларидан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилади. Мажмуани тўлиқ ишга тушириш 2028 йил февраль ойига мўлжалланган.
Модернизация натижасида қозонхонанинг фойдали иш коэффициенти 80 фоиздан 91 фоизгача ошади. Ҳар йили 12,2 миллион куб метр табиий газ тежалиши, 172 минг мегаватт-соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилиши, атмосферага чиқиндилар камайиши ва 19 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Тақдимот якунида давлат раҳбари лойиҳани сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Зарафшон шаҳарларидаги қозонхоналарни ҳам когенерация ва тригенерация технологиялари асосида модернизация қилиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.


