Ўзбекистонда семизлик ва 2-тур қандли диабетни даволаш учун мўлжалланган биринчи тирзепатид асосидаги Sejaro® препарати давлат рўйхатидан ўтказилди.
GEROPHARM компанияси маълум қилишича, препарат учун давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси олинган. Бу уни Ўзбекистон бозорига чиқариш ва беморлар учун замонавий даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Компания маълумотига кўра, Sejaro® препарати Американинг Eli Lilly компанияси ишлаб чиққан Mounjaro препаратига тўлиқ биоэквивалент ҳисобланади. Фаол моддаси — тирзепатид бўлиб, у икки асосий инкретин гормони рецепторларини фаоллаштиради, очлик ҳиссини камайтиради, юқори калорияли озиқ-овқатга бўлган иштиёқни пасайтиради ҳамда тана вазни ва висцерал ёғ тўқимаси ҳажмини қисқартиришга ёрдам беради.
Мутахассислар таъкидлашича, висцерал ёғ тўқимаси 2-тур қандли диабет, артериал гипертензия ва юрак-қон томир касалликлари ривожланиши хавфини оширувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Халқаро клиник тадқиқотлар натижаларига кўра, тирзепатид қўлланган диабетга чалинмаган беморларда 72 ҳафта давомида тана вазни ўртача 22,5 фоизгача камайган, бел айланаси эса ўртача 14,6 сантиметрга қисқарган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда катта ёшли аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазнга эга. Ҳар бешинчи фуқаро эса семизликдан азият чекмоқда. 1980 йилдан буён семизлик тарқалиши 36 фоизга ошган.
GEROPHARM бош директори Пётр Родионовнинг таъкидлашича, семизлик глобал эпидемияга айланган ва Sejaro® каби замонавий биотехнологик препаратлар беморларни самарали даволаш ҳамда уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имконини беради.
Препарат тери остига юбориш учун мўлжалланган шприц-ручка кўринишида ишлаб чиқарилади. У 2,5 мгдан 15 мггача бўлган олти хил дозада тақдим этилади ва ҳафтасига бир марта қўлланилади. Дозани ошириш фақат шифокор тавсиясига мувофиқ босқичма-босқич амалга оширилади.
Sejaro® фақат рецепт асосида берилади. Уни қўллаш тўғрисидаги қарор беморнинг индивидуал ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тиббиёт мутахассиси томонидан қабул қилинади.
Компания маълум қилишича, Sejaro® препаратининг рўйхатдан ўтказилиши GEROPHARMнинг Ўзбекистондаги дори воситалари портфелини кенгайтиришдаги навбатдаги қадам бўлди. Бундан аввал компания семаглутид асосидаги «Semavic» ва «Semavic Next» препаратларини мамлакат бозорига тақдим этган эди. IQVIA маълумотларига кўра, 2025 йил апрелидан 2026 йил мартигача ушбу препаратлар ўз сегменти қийматининг 55,8 фоизини эгаллаган. FOM Group маълумотига кўра эса, «Semavic» 2026 йил январь ойи якуни бўйича Ўзбекистонда дорихоналарда энг кўп сотилган рецепт асосида бериладиган дори воситалари ўнталигидан ўрин олган.


