Бугун, 20 июль куни Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар юзага келиши мумкин. Бу «Озодлик» подстанциясида янги автотрансформаторни ишга тушириш ишлари билан боғлиқ.
«Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали маълумотига кўра, вақтинчалик электр таъминотидаги узилишлар пойтахтнинг Олмазор, Чилонзор, Учтепа ва Яккасарой туманларининг айрим ҳудудларида кузатилиши мумкин.
Энергетика компаниясида қайд этилишича, техник ишлар барча хавфсизлик талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда. Ускунани ишга тушириш ишлари якунлангач, электр энергияси таъминоти энг қисқа муддатда одатий тартибда тикланади


