Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Азиз Аккулов Қирғизистон Туристик ташкилотлар ассоциацияси (KATO) ижрочи директори Нурлан Сапаров ҳамда икки мамлакатнинг етакчи туроператорлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Давра суҳбати давомида ўзаро туристлар оқимини ошириш, қўшма туристик йўналишларни шакллантириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон туроператорлари, меҳмонхоналари ҳамда транспорт компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар халқаро бозорда «Ўзбекистон – Қирғизистон» туристик йўналишларини фаол тарғиб қилиш, туризм соҳаси вакиллари учун ахборот турларини ташкил этиш ҳамда йирик халқаро туристик кўргазмаларда «Марказий Осиё» ягона бренди остида биргаликда иштирок этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашув якунлари бўйича учинчи мамлакатлардан сайёҳларни биргаликда жалб қилиш, Бишкек – Самарқанд ва Бишкек – Урганч йўналишлари бўйича тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни қўллаб-қувватлаш ҳамда икки давлат туризм бизнеси ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.


