Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини такомиллаштириш ва жамғариб бориладиган пенсия тизимининг жозибадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Маълум қилинишича, ҳозирги тартибга кўра, фуқароларнинг иш ҳақидан 0,1 фоиз маблағ жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига йўналтирилади. Ушбу маблағларга ҳисобланадиган йиллик 10 фоизлик даромад эса банк омонатлари бўйича фоиз ставкаларидан анча паст.
Шу муносабат билан тизимда иштирок этишни рағбатлантирувчи янги механизмлар таклиф этилди. Уларга кўра, ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача бўлган фуқаролар ўз жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат қўшимча равишда 2,5 фоиз маблағ ажратади.
Ойлик даромади 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса ижтимоий солиқнинг белгиланган меъёрдан ортиқ қисми ҳисобидан қўшимча 1 фоиз маблағни жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини ўзгартириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Амалдаги тизимда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги беш йиллик иш ҳақи асосида ҳисобланади ва 6 миллион сўмдан юқори иш ҳақи инобатга олинмайди. Бу эса айрим фуқароларнинг пенсияси нисбатан кам чиқишига сабаб бўлмоқда.
Шунинг учун пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш, шунингдек, даромад кам бўлган айрим даврларни ҳисоб-китобдан чиқариш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, 2027 йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг энг юқори чегарасини 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш режалаштирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб жорий этилса, ушбу асосда пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ўртача 8 фоизга ошиши мумкин.
Давлат раҳбари пенсия тизимидаги ўзгаришлар миллионлаб фуқаролар манфаатларига дахлдор эканини таъкидлаб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини чуқур таҳлил қилиш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, ислоҳотларни аҳоли, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида очиқ муҳокама қилиш ҳамда уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича топшириқлар берилди.


