Тошкент шаҳрида ўтаётган Медиа ҳафталигининг иккинчи куни инқирозли вазиятларда ахборот сиёсати ва жамоатчилик билан мулоқотни самарали ташкил этиш мавзусига бағишланди. Тадбир доирасида ахборот хизматлари раҳбарлари иштирокида фактчекинг, маълумотларни верификация қилиш, сохта хабарларни аниқлаш ҳамда кризис шароитида тезкор ва ишончли коммуникацияни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Мутахассислар иштирокида ўтказилган амалий машғулотларда турли реал кейслар таҳлил қилиниб, ахборот хуружлари, репутацион хатарлар ва жамоатчилик фикрини бошқариш бўйича тажриба алмашилди. Иштирокчилар махсус сценарийлар асосида ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиб, турли вазиятларда қарор қабул қилиш механизмларини ўргандилар.
Муҳокамалар марказида «Кризисда ким ютади: биринчи бўлганми ёки тўғри гапиргани?» деган савол турди. Экспертлар фикрича, инқирозли ҳолатларда тезкорлик муҳим бўлса-да, асосий омил жамоатчиликка тақдим этилаётган ахборотнинг аниқлиги ва ишончлилигидир.
Тадбирда сўз олган мутахассис Беруний Алимов кризис пайтида энг катта хатолардан бири сукут сақлаш ёки тасдиқланмаган маълумот билан шошилиш эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, жамоатчилик биринчи бўлиб хабар беришдан кўра, энг аввало ишончли ахборотни кутади. Шунинг учун самарали коммуникация тезкорлик ва масъулият уйғунлигига асосланиши лозим.

