Ўзбекистонда яшаб келган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг энг кексаси Розибой Сатторов 116 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ахрор Содиқов маълум қилди.
Марҳумнинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдирилди.
Қайд этилишича, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Қашқадарё вилоятидан қарийб 47 минг нафар киши фронтга жўнатилган. Уларнинг тахминан 22 минг нафари урушдан қайтиб келган.
Уруш йилларида аҳолиси 6,8 миллион нафарни ташкил этган Ўзбекистондан қарийб 2 миллион киши фронтга сафарбар этилган. Уларнинг 748 мингдан ортиғи ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.
Розибой Сатторовнинг вафоти мамлакатдаги уруш ва меҳнат фахрийлари авлоди учун катта йўқотиш бўлиб, унинг ҳаёт йўли ва жасорати келажак авлодлар учун ибрат бўлиб қолади.

