Ўзбекистонда эксплуатация муддати ўтган транспорт воситаларини босқичма-босқич утилизация қилиш тизими жорий этилади. Янги тартибга кўра, ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ вақт бўлган автомобиллар эгаларидан бозор баҳосида сотиб олиниб, қайта ишлашга юборилади.
Мазкур ташаббус атмосфера ҳавосининг ифлосланишини камайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, транспорт воситалари атмосферага зарарли моддалар чиқарувчи асосий манбалардан бири ҳисобланади. Айниқса, экологик талабларга жавоб бермайдиган эски автомобиллар ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис 2026 йилдан бошлаб мамлакатда эски транспорт воситаларини утилизация қилиш ва уларнинг қисмларини қайта ишлаш бўйича самарали тизим яратилиши режалаштирилган.
Янги механизм доирасида автомобил эгалари билан ҳисоб-китоб икки хил шаклда амалга оширилиши мумкин. Биринчи вариантга кўра, фуқарога янги автомобиль сотиб олиш учун электрон ваучер тақдим этилади. Иккинчи ҳолатда эса ушбу ваучер қиймати пул шаклида тўлаб берилиши мумкин.
Электрон ваучердан фойдаланган ҳолда истеъмолчилар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобилларни имтиёзли шартларда харид қилиш имкониятига эга бўлади. Ваучерда кўрсатилган сумма миқдорида чегирма тақдим этилади, қолган маблағни эса бир йилдан ортиқ муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, эски транспорт воситасини ўз вақтида утилизацияга топширмаган фуқаролар учун экологик компенсация тўлови жорий этилиши режалаштирилган. Унга кўра, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган автомобил эгалари ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварига тенг маблағни тўлайди.
Қайд этилишича, бу каби тизим дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатида амал қилади. Франция, Германия, Буюк Британия, Япония, Хитой ва АҚШ каби давлатларда эски автомобилларни утилизация қилиш ҳамда экологик тоза транспорт воситаларига ўтишни рағбатлантирувчи дастурлар йўлга қўйилган.
Мутахассислар фикрича, эски транспорт воситаларини утилизация қилиш нафақат ҳаво ифлосланишини камайтиради, балки металл, пластмасса ва шиша каби материалларни қайта ишлаб чиқаришга қайтариш имконини ҳам беради. Бу эса чиқиндилар ҳажмини қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётда айланма ишлаб чиқариш тамойилларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, эски ва техник жиҳатдан носоз автомобиллар сонининг қисқариши йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

