Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида йўлдаги можаро вақтида аёл ҳайдовчини ҳақорат қилган эркакка нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ҳодиса 8 июнь куни содир бўлган. Маълум қилинишича, 41 ёшли эркак ҳайдовчи ва 34 ёшли аёл ҳайдовчи ўртасида йўл ҳаракати билан боғлиқ келишмовчилик келиб чиққан. Можаро давомида эркак аёлни ҳақорат қилиб, жамоат тартибини бузган.
Ҳуқуқбузарликка оид материаллар шу куни суд томонидан кўриб чиқилди. Суд эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбдор деб топиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Аёлга эса ҳимоя ордери берилди.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, можаро вақтида эркак унинг телефонини тортиб олган ва маълум вақт давомида қайтармаган.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар ўз айбини тан олди ва қилган ҳаракатлари учун узр сўради. Шунингдек, келгусида ҳиссиётларини назорат қилиш ҳамда атрофдагиларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга ваъда берди.

