Самарқанд шаҳрида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида янги пиёдалар ҳудудларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Тегишли ташаббус Самарқанд вилояти туманларини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда қўллаб-қувватланди.
Лойиҳага кўра, шаҳарнинг тарихий марказида жойлашган 13 та кўча пиёдалар учун мўлжалланган ҳудудга айлантирилади. Бу орқали туристик йўналишларни кенгайтириш, меҳмонлар учун қулайликларни ошириш ва уларнинг шаҳарда бўлиш муддатини узайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, янги туристик ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш, «Оҳалик — Оқбуйро — Миронкўл» туристик-рекреация ҳудудини кенгайтириш режалаштирилган. Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаси яқинидаги «Шаар» коллектори бўйлаб ҳудудни ободонлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Туристик инфратузилмани ривожлантириш доирасида Самарқанд шаҳри, шунингдек Самарқанд ва Нуробод туманларида меҳмонхоналар сонини 850 тага етказиш, жойлаштириш қувватини 20 минг ўрингача ошириш ҳамда туристик хизматлар ҳажмини 750 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

