Самарқанд шаҳрида ўтаётган Глобал экологик жамғарманинг (GEF) 8-Ассамблеяси доирасида БМТ, ФАО ва GEF вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда халқаро экспертлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва фермерлар даромадини оширишнинг муҳим омили озиқ-овқат тизимларини янгилаш эканини таъкидладилар.
GEF мавзули йўналиш раҳбари Питер Умунай Самарқанддаги учрашув иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик ва чўлланишга қарши курашиш бўйича бўлиб ўтадиган йирик халқаро COP конференциялари олдидан муҳим майдон вазифасини ўтаётганини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, халқаро конференциялар глобал мақсад ва қоидаларни белгиласа, GEF ушбу вазифаларни амалга ошириш учун молиявий кўмак ажратиб, фермерларни экологик барқарор технологияларга ўтишда қўллаб-қувватлайди.
Матбуот анжуманида иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик оқибатида миллионлаб инсонлар озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани, барқарор қишлоқ хўжалиги эса зарарли чиқиндиларни сезиларли даражада қисқартириш ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш имконини бериши таъкидланди.
Марказий Осиёда сувдан тежамкор фойдаланиш ва қурғоқчиликка мослашиш бўйича фермерларни қўллаб-қувватлаш ишлари кенгайиб бораётгани қайд этилди. Бу борада Ўзбекистон илғор мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилди.
Хусусан, мамлакатда сув тежовчи ва “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Юз минглаб гектар майдонларда замонавий агротехнологиялар татбиқ этилмоқда, ўрмон фондини тўлиқ инвентаризация қилиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда тармоқни модернизация қилиш учун 200 миллион долларлик маблағ жалб этиш юзасидан музокаралар давом этмоқда.
Питер Умунай озиқ-овқат тизимлари илгари экологик муаммоларнинг бир қисми бўлган бўлса, бугун улар ечимнинг муҳим қисмига айланаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган тажрибаси бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлиши мумкин.

