Тошкент шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда «Замин» халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида амалга оширилган «Ўзбекистонда Жаҳон миқёсидаги муҳим қишлоқ хўжалиги мероси тизимлари (GIAHS)ни жорий қилиш» лойиҳасининг якуний семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги меросини халқаро даражада танитиш ва муҳофаза қилишга қаратилган муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида мамлакатнинг GIAHS дастурига тақдим этиладиган илк номзоди — «Фарғона водийси гавҳари: Фарғона минтақасида пиллачилик ва бошқа анъанавий қишлоқ хўжалиги амалиётлари» таклифи ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжатда Фарғона водийсининг пиллачилик, ипакчилик, анъанавий деҳқончилик, ҳунармандчилик, агробиохилма-хиллик ва гастрономик меросни ўзида мужассам этган ноёб агроэкологик ҳудуд сифатидаги аҳамияти ёритилган. Хусусан, Марғилондаги пиллачилик ва анъанавий ипак тўқиш амалиётлари маҳаллий билимлар, оилавий меҳнат ва қишлоқ аҳолиси турмуш тарзи билан узвий боғлиқ тирик мерос сифатида баҳоланмоқда.
Семинарда таклиф этилаётган ҳудуднинг GIAHS мезонларига мувофиқлиги, унинг чегаралари ва кейинги босқичлари муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида Қува, Қўштепа, Олтиариқ, Тошлоқ, Фарғона ва Ёзёвон туманлари ҳамда Марғилон, Фарғона ва Қувасой шаҳарлари ягона агроэкологик макон сифатида кўриб чиқилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, GIAHS мақомининг олиниши ҳудуднинг халқаро даражада тан олиниши билан бирга, унинг табиий ва маданий меросини сақлаш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади.
Тадбирда Ўзбекистонда Миллий аҳамиятга эга қишлоқ хўжалиги мероси тизимлари (NIAHS) концепциясини жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, келгусида Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида кишмиш етиштириш анъаналарини ўрганиш бўйича ташаббусни бошлаш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Якуний семинар Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги меросини халқаро майдонда тарғиб қилиш, соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда анъанавий билим ва амалиётларни келажак авлодларга етказиш бўйича кейинги вазифаларни белгилаб берган муҳим мулоқот майдонига айланди.

