Вена шаҳрида хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги муҳим халқаро майдонлардан бири ҳисобланган БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича комиссиясининг 35-сессияси бўлиб ўтди. Тадбирда 175 давлатдан 1,5 мингдан ортиқ юқори лавозимли вакиллар, вазирлар ва экспертлар иштирок этди.
Мазкур сессия Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этди. Жорий йил апрель ойида мамлакат илк бор БМТ комиссияси аъзолигига сайланган бўлса, бу галги форумда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилигидаги миллий делегация иштирокчи давлатлар орасида биринчи бўлиб Миллий маърузани тақдим қилди.
Саида Мирзиёева ўз нутқида Ўзбекистонда одил судлов тизимини такомиллаштириш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик профилактикаси ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, замонавий таҳдид ва хавфларга қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, кибержиноятчилик, коррупция ва оилавий зўравонлик каби муаммолар давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади.
«Кибержиноятчилик, коррупция ва оилавий зўравонлик чегара билмайди. Шунинг учун биз уларга қарши очиқ мулоқот, тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорлик орқали биргаликда курашишимиз лозим», — деди Саида Мирзиёева.
Ўзбекистоннинг БМТ комиссияси фаолиятидаги иштироки ва Миллий маърузанинг тақдим этилиши мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини ҳамда республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини кўрсатади.

