2026 йил январь–март ойларида Ўзбекистон экспорти ҳажми 5,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон экспортининг энг катта қисми Россия ҳиссасига тўғри келиб, ушбу мамлакатга 1,1 миллиард долларлик маҳсулот етказиб берилган. Иккинчи ўринни 641,7 миллион доллар кўрсаткич билан Хитой эгаллади. Учинчи ўринда эса Афғонистон бўлиб, бу мамлакатга 443,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Энг йирик экспорт бозорлари ўнталигига шунингдек Франция — 405,9 миллион доллар, Қозоғистон — 282,8 миллион доллар, Туркия — 231,6 миллион доллар, Бирлашган Араб Амирликлари — 172,3 миллион доллар, Қирғизистон — 169,9 миллион доллар, Тожикистон — 140,8 миллион доллар ва Гонконг — 127,1 миллион доллар кўрсаткич билан кирди.
Қўмита маълумотларига кўра, мамлакат ташқи савдо айланмаси ҳажми ўсишда давом этмоқда. Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари сифатида эса Россия ва Хитой етакчи ўринларни сақлаб қолмоқда.

