Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда мамлакатдаги етакчи мустақил тадқиқот марказларидан бири бўлган ERGO Analytics ўртасида илмий ва академик ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Ҳужжат томонлар ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятни бирлаштириш ва иқтисодий сиёсатни шакллантиришда далилларга асосланган ёндашувларни кенг жорий этишга қаратилган.
Меморандум доирасида бир қатор қўшма илмий ва амалий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Фарғона водийси ҳудудларида аҳолининг молиявий саводхонлиги ва жамғариш маданиятини оширишга қаратилган кенг қамровли тадқиқот ўтказилади. Лойиҳа Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги 90 та маҳаллада яшовчи 2 минг 700 нафар фуқарони қамраб олади.
Тадқиқот доирасида аҳолининг молиявий қарор қабул қилиш жараёни, жамғаришга бўлган муносабати ҳамда турли рағбатлантирувчи механизмларнинг самарадорлиги баҳоланади.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида халқаро илмий нашрларда қўшма мақолалар чоп этиш белгиланган. Томонлар Scopus ва Web of Science халқаро илмий базаларига киритилган журналларда тадқиқот натижаларини эълон қилишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, меморандум доирасида семинарлар, тренинглар, конференциялар ва билим алмашиш дастурлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, ERGO Analytics бугунги кунга қадар 20 дан ортиқ илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширган бўлиб, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

