Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) 13-Бутунжаҳон урбанизация форуми (WUF13) давом этмоқда. У муносиб яшаш шароитига эга бўлмаган миллиардлаб инсонларнинг муаммосини жаҳон сиёсий кун тартибига олиб чиқаётган глобал чақириқ бўлмоқда.
Форумдан кўзланган мақсад нима?
“Дунёни уй-жой билан таъминлаш: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда жамоалар” шиори остида ўтаётган форумда дунёнинг 182 мамлакатидан 40 000 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда. 2016-йилда Китода қабул қилинган Янги шаҳар кун тартиби форумда муҳокамалар учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ҳужжат 2036-йилгача шаҳар ривожланиши бўйича глобал тамойилларни белгилайди. Форум доирасида вазирлар даражасидаги учрашувлар билан бир қаторда, фуқаролик жамияти, хусусий сектор вакиллари ҳамда халқаро ташкилотларни бирлаштирган тематик йиғилишлар ҳам ўтказилмоқда. Уларда аёллар ва ёшларга оид масалалардан тортиб, шаҳарларнинг келажагини шакллантиришда фуқаролик жамияти ва хусусий компанияларнинг ўрнигача бўлган кенг қамровли мавзулар муҳокама қилинмоқда. Fundsforngos
Кенг қамровли платформа
Форумнинг энг диққатга сазовор масканларидан бири – бу 3,5 гектарли “Urban Expo Zone” бўлиб, у WUF тарихида ташкил этилган энг йирик кўргазмадир. Унда дунёдаги 217 та ташкилотдан мутахассислар қатнашмоқда, шунингдек, 66 та мамлакат ўзининг инновацион шаҳар ечимлари, уй-жой лойиҳалари ва барқарор ривожланиш ташаббусларини намойиш этувчи миллий павильонлари билан иштирок этаяпти. AZERTAC
Асосий муаммолар: 1,1 миллиард киши норасмий маконларда
Форумда таъкидланишича, қарийб 160 та мамлакат миллий шаҳар сиёсатини қабул қилган ёки ишлаб чиқмоқда ва уларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи арзон турар жой дастурларини жорий этган. Аммо БМТ-Ҳабитатга кўра, бу ҳаракатлар ҳали етарли эмас. 1,1 миллиарддан ортиқ киши ҳозир ҳам хароба ёки норасмий масканларда яшайди. Сўнгги ўн йил ичида эса бу рақам 120 миллион кишига ошган. 2050-йилга бориб, шаҳарлар жаҳон аҳолиси ўсишининг учдан икки қисмини таъминлайди. 2035-йилга бориб, дунё миқёсида камбағал аҳолининг аксарияти шаҳар ҳудудларида истиқомат қилиши кутилмоқда. Ҳозир тахминан 3 миллиард киши муносиб уй-жойга эга эмас.
Турар жой масаласи БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига киритилган 17 та мақсадидан 15 тасига бевосита боғлиқ бўлиб, муносиб турар жой ва асосий хизматларни таъминлашга чақирувчи 11-мақсаднинг марказий бўғини ҳисобланади. ADB
Ўзбекистон фаол ташаббус билан глобал саҳнада
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессияси саммитида сўзлаган нутқида бир қатор муҳим таклифларни билдирди. Жумладан, Президентимиз барча ҳудудларда аҳоли учун тенг яшаш шароитларини яратиш мақсадида ҳамкор давлатларни шаҳарларни ривожлантиришда “мутаносиб урбанизация” тамойилини кенг жорий этишга чақирди. Шу билан бирга, стандартлар ва тажрибалар алмашинишини тизимли равишда таъминлайдиган “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни тузишни таклиф қилди. Бундан ташқари Ўзбекистон 2027-йилда Самарқандда уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этишдаги янгича ёндашувларни муҳокама қилиш учун халқаро форум ўтказишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, 2030-йилда Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини Янги Тошкентда ўтказишни ва “Шаҳарларнинг барқарқор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” мавзусини форум мавзуси сифатида белгилашни таклиф етди. Глобал иқлим ўзгариши шароитида Ш.Мирзиёев табиат билан уйғун “яшил шаҳарлар” яратиш учун БМТ-Ҳабитат “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этишни таклиф қилди. Trend
Боку ҳаракатга чақируви
Форум 22-май куни “Боку ҳаракатга чақируви” ҳужжатининг қабул қилиниши билан расман якунланади. Ҳужжат муносиб турар жой ва барқарор шаҳар ривожланишидаги глобал тараққиётни жадаллаштиришга қаратилган асосий натижалар тўплами сифатида эълон қилинади. Бу еса форумнинг нафақат мулоқот майдони, балки аниқ сиёсий мажбуриятлар шакллантириладиган платформа эканини ҳам англатади.
Суҳроб Маҳмудов,
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар
институти (МҲТИ) лойиҳа раҳбари

