Лондон шаҳрида ўтказилган Uzbekistan Investor Day халқаро инвестиция форумида Uzbekistan Airports делегацияси иштирок этди. Форум дунёнинг етакчи молиявий институтлари ва инвестиция ҳамжамияти вакилларини бир майдонга жамлади.
Тадбир доирасида компания вакиллари йирик халқаро банклар, экспорт-кредит агентликлари, рейтинг ва инвестиция ташкилотлари билан қатор учрашувлар ўтказди. Улар орасида JP Morgan Chase, Societe Generale, HSBC, UK Export Finance, Fitch Ratings ҳамда бошқа халқаро молия тузилмалари иштирок этди.
Музокаралар давомида Uzbekistan Airports томонидан компанияда амалга оширилаётган трансформация жараёнлари, асосий молиявий кўрсаткичлар ва аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича режалар тақдим қилинди.
Халқаро ҳамкорлар Ўзбекистон авиация соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда компаниянинг ўсиш истиқболларига алоҳида қизиқиш билдирди.
Форумнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Societe Generale билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Ҳужжат истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро молиялаштиришни жалб қилиш ва глобал капитал бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Қайд этилишича, Uzbekistan Investor Day форумида иштирок этиш Uzbekistan Airports компаниясининг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш, шериклик алоқаларини кенгайтириш ва компаниянинг инвестиция салоҳиятини жаҳон бозорида илгари суришда муҳим қадам бўлди.

