Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бокуда ўтказилган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида иштирок этиб, барқарор шаҳарлар қуриш, уй-жой сиёсати ва урбанизация жараёнларига оид қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари ўз нутқида глобал урбанизация жараёнлари XXI асрнинг энг долзарб масалаларидан бирига айланганини таъкидлади. Унга кўра, аср ўрталарига келиб дунё аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда яшайди. Шу билан бирга, уй-жой танқислиги, норасмий турар жойлар, иқлим ўзгариши ва миграция жараёнлари шаҳарлар ривожига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжонда, хусусан Қорабоғ ҳудудида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон ҳам бу жараёнларга муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.
Нутқда Янги Ўзбекистонда урбанизация стратегик йўналиш сифатида белгилангани қайд этилди. Келгуси 15 йилда мамлакат аҳолиси 50 миллион нафарга, урбанизация даражаси эса 65 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.
Шу муносабат билан мамлакатда сўнгги ўн йилда қурилаётган уй-жойлар сони 10 баробарга ошгани, 2025 йилда 238 минг хонадон барпо этилиши режалаштирилгани айтилди. 2030 йилгача бу кўрсаткични яна 1,5 баробарга ошириш мақсад қилинган. Арзон уй-жой дастурларига ҳар йили қарийб 2 миллиард доллар бюджет маблағи йўналтирилаётгани таъкидланди.
Президент, шунингдек, 2024 йилда норасмий уй-жойлар муаммосини ҳал қилишга қаратилган қонун қабул қилиниб, 100 мингга яқин хонадонга ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштириб берилганини маълум қилди.
Шаҳарларнинг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Яшил макон” ва “Тоза ҳаво” дастурлари амалга оширилаётгани, 2030 йилгача шаҳарларда яшил ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилгани қайд этилди.
Нутқда “Янги Тошкент” мегалойиҳасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Икки миллион аҳоли учун мўлжалланган мазкур шаҳарда “яшил”, “ақлли”, “хавфсиз” ва “15 дақиқали шаҳар” тамойиллари асосида замонавий инфратузилма шакллантирилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичидаёқ 25 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилинган.
Форум доирасида Ўзбекистон раҳбари бир қатор халқаро ташаббусларни ҳам илгари сурди. Улар орасида “мутаносиб урбанизация” тамойилини кенг жорий этиш, “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни ташкил қилиш, Самарқандда уй-жой қурилиши бўйича халқаро форум ўтказиш ва БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этиш таклифлари бор.
Шунингдек, Президент Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф қилди. Унинг асосий мавзуси сифатида “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” йўналиши илгари сурилди.

