Тошкент вилоятида рашк сабаб содир этилган шафқатсиз қотиллик бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Фожиа Зангиота туманида юз берган бўлиб, дўконда ишловчи 42 ёшли аёл билан муносабатлар туфайли икки эркак ўртасидаги можаро қонли якун топган.
Иш материалларига кўра, 25 ёшли айбланувчи жанжал вақтида 30 ёшли рақибига пичоқ билан 17 марта тан жароҳати етказган. Олинган жароҳатлар жабрланувчининг вафотига сабаб бўлган.
Суд жараёнида судланувчи аёл билан диний никоҳда бўлганини ва уларнинг умумий фарзанди борлигини айтган. Шунингдек, унинг таъкидлашича, онаси бу муносабатлардан хабарсиз бўлган. Айбини тан олиб, пушаймонлигини билдирганига қарамай, марҳумнинг яқинлари унга нисбатан энг қатъий жазо тайинланишини талаб қилди.
Суд эркакни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди — “Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш” бўйича айбдор деб топди. Суд ҳукмига кўра, у 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Аввалроқ Фарғона вилоятида ҳам ўз онасини ўта шафқатсизлик билан ўлдиришда айбланган эркакка нисбатан суд ҳукми чиқарилгани хабар қилинган эди. Судланувчи 18 йил муддатга умумий тартибдаги колонияга қамалган.

