Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ватандошларни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан табриклади.
Байрам муносабати билан йўлланган мурожаатда давлат раҳбари уруш ва меҳнат фронти фахрийларига чуқур ҳурмат изҳор этиб, озодлик ва тинчлик йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонлар хотирасини ёд этди. Президент ғалаба қозонган авлод жасорати, матонати ва фидойилиги абадий рамз бўлиб қолишини таъкидлади.
Мурожаатда Ўзбекистон аҳолиси фашизм устидан қозонилган Ғалабага улкан ҳисса қўшгани қайд этилди. Тарихий маълумотларга кўра, республикада яшаган қарийб 7 миллион аҳолидан 1 миллион 950 минг нафарга яқини урушда иштирок этган. Уларнинг ярим миллиондан ортиғи жанг майдонларида ҳалок бўлган.
Президент уруш йилларида Ўзбекистон фронт учун зарур ресурслар билан таъминлаган ишончли орқа фронтга айланганини, шунингдек 1,5 миллиондан зиёд эвакуация қилинган аҳолини, жумладан 250 минг нафар етим болани қабул қилганини эслатди.
Табрикда мамлакатда тарихий хотирани сақлаш ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар берилгани таъкидланди. Шунингдек, фахрийлар учун имтиёзли соғломлаштириш ва санаторий даволаниш дастурлари ташкил этилган.
Давлат раҳбари бугунги шароитда тинчлик, миллатлараро тотувлик ва жамият бирлигини сақлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, халқнинг жипслиги мамлакат барқарорлиги, тараққиёти ва келгуси ютуқларининг асосий пойдевори ҳисобланади.
Сўнггида Шавкат Мирзиёев фахрийлар ва барча Ўзбекистон фуқароларига тинчлик, фаровонлик, бахт-саодат ва равнақ тилади.

