Фарғона вилояти Данғара тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан 29 ёшли эркакка нисбатан қасддан одам ўлдириш жинояти бўйича ҳукм чиқарилди. Суд қарорига кўра, у 18 йил муддатга умумий режимдаги жазони ижро этиш колониясига ҳукм қилинди.
Ҳодиса 2026 йил 15 январь куни «Тайпоқ» маҳалласида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, она ва ўғил ўртасидаги жанжалга эркакнинг доимий ишсизлиги ҳамда оила қурмаслиги билан боғлиқ танқидлар сабаб бўлган.
Жанжал вақтида гумонланувчи онасига болта билан бир неча марта зарба берган, сўнгра пичоқ билан қасддан оғир жиноят содир этган. Жиноятни яшириш мақсадида у жасад қисмларини ҳовлининг турли жойларига кўмиб ташлаган ҳамда қонли кийимларини тандирда ёқишга уринган.
Жиноят ўша куннинг ўзида фош этилган. Дастлаб, гумонланувчининг отаси ва укаси ҳовлида қон изларини пайқаб, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган.
Тергов жараёнида маълум бўлишича, айбланувчи аввал маҳаллий қассобхонада ишлаган. Шу ҳолат унинг жиноят содир этиш усулига таъсир қилгани қайд этилган. Комплекс суд-психиатрия экспертизаси уни ақли расо деб топиб, жиноят пайтида ўз ҳаракатларини англаганини тасдиқлаган.
Суд муҳокамаси давомида айбланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишига пушаймонлик билдирган. Отасининг жазони енгиллаштириш ҳақидаги илтимосига қарамай, суд тақдим этилган далилларни етарли деб топиб, айблов ҳукмини чиқарган. Жиноят қуроллари — болта ва пичоқ — йўқ қилиниши белгиланган.

