Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда армияни янада рақамлаштиришга бағишланган тақдимот билан танишди.

Учрашувда замонавий қуролли тўқнашувлар ҳарбий хизматчиларни тайёрлашда янги ёндашувларни талаб қилаётгани таъкидланди. Хусусан, дронлар, роботлаштирилган тизимлар, радиоэлектрон кураш воситалари ва рақамли бошқарув технологияларидан кенг фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш ва уларга қарши курашиш бўйича махсус бўлинмалар ташкил этилган, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари операторлари, муҳандислар ва робототехника мутахассислари тайёрлаш йўлга қўйилган.
Ҳарбий таълим ислоҳотига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатдаги барча ҳарбий олий ўқув юртлари институт мақомига ўтказилди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди ҳамда ягона бошқарув тизими жорий қилинди.
Янги таълим модели курсантларни чет тиллари, ахборот технологиялари ва сунъий интеллектни чуқур ўрганишга йўналтирган. Қўмондонлик-штаб офицерлари учун халқаро тажриба ва замонавий ҳарбий можароларни инобатга олган ҳолда уч босқичли тайёрлов тизими жорий этилмоқда.
Шунингдек, сержантлар таркибини тайёрлаш кенгайтирилмоқда. Илк бор сержантлар учун олий таълимнинг 6 та фуқаролик йўналиши бўйича масофавий ўқитиш жорий этилиши режалаштирилган. Авиация мутахассислари ва дрон операторларини тайёрлаш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда.
Армияни рақамлаштириш доирасида Мудофаа вазирлиги тизимида коммуникация инфратузилмаси модернизация қилинмоқда ва янги ахборот технологиялари жорий этилмоқда. Ҳарбий дастурчилар томонидан қўшинлар эҳтиёжи учун 50 га яқин ахборот тизимлари ишлаб чиқилган.
Асосий лойиҳалардан бири “Чақириқ” электрон тизими бўлиб, у 19 та вазирлик ва идора билан интеграция қилинган. Шу орқали 39 турдаги маълумотнома онлайн шаклга ўтказилган, чақирув тадбирлари илк бор тўлиқ электрон тарзда ўтказилган.
Ҳарбий тиббиёт соҳасида ягона тиббий ахборот тизими ва D-MED тизими билан интеграция қилинган телемедицина жорий этилган.
Киберхавфсизликни кучайтириш мақсадида Мудофаа вазирлигида Ахборот хавфсизлигини мониторинг қилиш маркази ташкил этилган. Шунингдек, Рақамли технологиялар бош бошқармаси, сунъий интеллект технологиялари департаменти ва киберхавфсизлик лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган.
Тақдимот якунида давлат раҳбари таклиф этилган чораларни маъқуллаб, армияда рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва замонавий ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатларни имзолади.

