8 май куни Москва шаҳридаги тадбирлар дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Икки давлат раҳбарлари Ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий табриклади.
Учрашувда олий даражадаги аввалги мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни амалий рўёбга чиқариш доирасида Ўзбекистон–Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, саноат, энергетика, металлургия ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш динамикасини сақлаб қолиш, устувор тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, шунингдек ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чораларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувни янада фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

