Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ва уни тезлаштириш бўйича вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, 2025 йилда кўп томонлама ва икки томонлама музокаралар доирасида муҳим натижаларга эришилди. Хусусан, Ишчи гуруҳнинг икки йиғилиши ўтказилиб, унда ташкилот аъзоларига ташқи савдо масалалари бўйича 200 дан ортиқ саволларга жавоблар ҳамда 30 дан зиёд ҳужжат тақдим этилди.
Шу билан бирга, 40 дан ортиқ раунд икки томонлама музокаралар олиб борилди. Бир йил давомида 11 та давлат билан музокаралар якунланиб, бу каби мамлакатлар умумий сони 33 тага етди.
ЖСТ аъзолари Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳоламоқда. Жумладан, ўтган йил давомида 68 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди.
Қонунчиликни уйғунлаштириш жараёнида интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартиблари соддалаштирилди, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилди, экспорт чекловлари ва айрим маҳсулот турлари учун минимал экспорт нархларини белгилаш амалиёти бекор қилинди.
Шунингдек, савдодаги техник тўсиқларни қисқартириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилди: юқори хавфли маҳсулотлар учун мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш ўрнига сертификатлаштириш тизими жорий этилди, 747 та товар позицияси бўйича мажбурий сертификатлаштириш бекор қилинди, бундай талаблар рўйхати эса 27 фоизга қисқартирилди.
Алоҳида эътибор озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва савдони ҳимоя қилиш чоралари тўғрисидаги янги қонунларни ишлаб чиқиш, шунингдек санитария ва ветеринария соҳаларида хавфларни таҳлил қилиш ҳамда кузатувчанликнинг замонавий тартиб-таомилларини жорий этишга қаратилди.
Тақдимот якунлари бўйича давлат раҳбари 2026 йилда Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзо бўлишини расмийлаштириш ва музокаралар жараёнини якунлашга қаратилган чора-тадбирларни сифатли амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.

