Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши очилишида глобал беқарорлик шароитида минтақавий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, жаҳон иқтисодиёти геосиёсий парчаланиш, можаролар, иқтисодий силкинишлар ва иқлим хатарлари каби мисли кўрилмаган чақириқларга дуч келмоқда. Хусусан, Яқин Шарқдаги ҳозирги можаро таъминот занжирлари ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларининг иқтисодий барқарорлигига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Канда янги шароитларда ривожланишга оид анъанавий, парчаланган ёндашувлар самарадорлигини йўқотаётганини қайд этди. «Агар биргаликда ривожланишни истасак, бирга ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.
ОТБ раҳбари маълум қилишича, 2025 йилда банк минтақа мамлакатларига рекорд даражада — 44 миллиард доллар ёрдам йўналтирган. Шунингдек, қўшимча капитал жалб этмасдан молиялаштириш ҳажмини 50 фоизга ошириш имконини берган кенг кўламли институционал ислоҳот амалга оширилган.
Нутқда ўзаро боғлиқ инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, қиймати 50 миллиард долларлик Паносиё энергия тизимини яратиш ташаббуси ишга туширилган бўлиб, у 2035 йилга қадар 20 гигаватт қайта тикланувчи энергияни интеграция қилиш ва 200 миллионга яқин инсонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Бундан ташқари, банк 20 миллиард долларлик «Осиё-Тинч океани рақамли магистрали» лойиҳасини илгари сурмоқда. У интернет инфратузилмасини ривожлантириш ва юз миллионлаб инсонлар учун рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Канда хусусий капитални фаол жалб этиш зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, 2030 йилга бориб хусусий секторни молиялаштириш ҳажмини йилига 13 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Банк лойиҳаларининг катта қисми экологик йўналишга ҳам қаратилган. 2025 йилда ташаббусларнинг тахминан 22 фоизи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга бағишланган.
Якунда ОТБ раҳбари ташкилот минтақада иқтисодий барқарорликни таъминлаш, рақамли трансформация ва энергетик хавфсизликни кучайтиришда асосий таянчга айланиш ниятида эканини таъкидлади.

