Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш минтақанинг транзит салоҳиятини сезиларли даражада ошириб, халқаро юк ташиш жараёнларини тезлаштиради.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки йиғилишидаги нутқи давомида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги транспорт коридорининг ишга туширилиши юкларни етказиб бериш муддатини 10 кунгача қисқартириш имконини беради. Кутилаётган юк айланмаси йилига 15 миллион тоннага етиши мумкин.
Давлат раҳбари таъкидлашича, мазкур лойиҳа минтақада логистик ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим бўғин бўлади.
Шунингдек, божхона ва логистика жараёнларини соддалаштириш, ҳужжат айланмасини рақамлаштириш ва чегаралар орқали юк ташишни тезлаштиришга қаратилган «Рақамли божхона ва логистика альянси»ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Кутилишича, ушбу ташаббусларни амалга ошириш транспорт харажатларини камайтириш ва Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

