Президент Шавкат Мирзиёев корхоналар фаолияти барқарорлигини ошириш ва тадбиркорлар муаммоларини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Муҳокама давомида қайд этилдики, бизнес фаол ривожланаётгани ва янги ишлаб чиқаришлар йўлга қўйилаётганига қарамай, айрим корхоналар тўлиқ қувватда ишламаяпти ёки тушум камайишига дуч келмоқда. Энг заиф соҳалар қаторига тўқимачилик, қурилиш, озиқ-овқат, нефть-кимё ва электротехника тармоқлари киритилди.
Асосий муаммолар сифатида айланма маблағлар етишмаслиги, инфратузилмага киришдаги қийинчиликлар, ускуналарнинг эскиргани, хом ашё етказиб беришдаги узилишлар ва талабнинг пасайиши қайд этилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ тиклаш қўшимча 65,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортни таъминлаш имконини беради.
Шу муносабат билан корхоналар билан индивидуал ишлашнинг янги тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу мақсадда тегишли идоралар ва банклар иштирокида Республика штаби ташкил этилади. Мутахассислар жойларга чиқиб, муаммоларни аниқлайди ва уларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўради.
Фойдаланилмаётган активларни иқтисодиётга жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тижорат банклари балансларида қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган ўнлаб йирик объектлар мавжуд бўлиб, улар учун инвесторлар топиш ва янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, бизнес муҳитини яхшилаш чоралари кўриб чиқилди. Хусусан, пешлавҳаларни жойлаштириш талабларини соддалаштириш ва уларни реклама сифатида баҳоламаслик, умумий овқатланиш ва савдо соҳаларидаги тартиб-таомилларни енгиллаштириш, ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартириш таклиф этилди.
Молия ва рақамлаштириш соҳасида нақдсиз тўловларни ривожлантириш бўйича қадамлар муҳокама қилинди: ўз карталари ўртасида комиссиясиз ўтказмаларни жорий этиш, кешбэк қайтаришни тезлаштириш ва банк операциялари бўйича хабарномалар тизимини оптималлаштириш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, имтиёзларни қўллашдаги баҳсли ҳолатларни бартараф этиш ва солиқ қарздорлиги бўйича пеня миқдорини чеклаш таклиф қилинди.
Президент ортиқча тўсиқларни қисқартириш, тартибга солишни соддалаштириш ва рақамлаштиришни бизнес учун қулай воситага айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунлари бўйича масъул идораларга корхоналар фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш, шунингдек янги иш ўринлари яратиш бўйича топшириқлар берилди.

