Бугун соат 10:00 дан бошлаб Ўзбекистонда UzAuto Motors томонидан Chevrolet Cobalt автомобилининг барча комплектациялари учун шартномаларни расмийлаштириш қайта йўлга қўйилди. Бу ҳақда компания расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, мазкур босқичда харидорлар учун барча турдаги комплектациялар бўйича шартнома тузиш имконияти яратилган. Шартномани онлайн тарзда расмийлаштириш UzAvtoSavdo платформаси орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, анъанавий тарзда харид қилишни истаганлар учун расмий дилерлик марказларига мурожаат қилиш имконияти ҳам сақланиб қолган.
Мижозлар учун қўшимча қулайлик сифатида махсус Telegram-бот ва мобиль илова орқали навбатни кузатиш ҳамда мавжуд автомобиллар ҳақида тезкор маълумот олиш имконияти тақдим этилган.
Компания маълумотига кўра, тузилган шартномалар бўйича тўлов 7 календар кун ичида амалга оширилиши шарт. Акс ҳолда шартнома автоматик тарзда бекор қилинади. Шунингдек, ҳар бир шартномада махсус QR-код мавжуд бўлиши шартлиги таъкидланди. Ушбу код орқали ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин, QR-кодсиз шартномалар эса расмий деб ҳисобланмайди.
Янги комплектациялар учун тавсия этилган чакана нархлар қуйидагича белгиланган:
— Style MCM — 156,1 млн сўм;
— Midnight MCM — 165,2 млн сўм.
Шу билан бирга, амалдаги комплектациялар аввалги нархларда сақлаб қолинган:
— Style AT Plus — 147,9 млн сўм;
— Midnight AT — 155,2 млн сўм.

