18 апрел куни Сирдарё вилоятидаги «Малик» божхона постида хавфли таркибга эга маҳсулотларни ноқонуний олиб киришга уриниш аниқланди.
Божхона органлари маълумотига кўра, фуқаро мамлакат ҳудудига Chevrolet Lacetti автомобилида кириб келган. Текширув давомида оғирлиги 8 ва 10 граммдан бўлган «озиш учун қаҳва» маҳсулотлари яширин ҳолда олиб кирилаётгани маълум бўлди. Жами уч турдаги 2,2 мингдан ортиқ маҳсулот мусодара қилинган.
Аниқланишича, ҳайдовчи ушбу товарларни 200 доллар эвазига ташишга рози бўлган.
Лаборатория хулосасига кўра, маҳсулот таркибида Сибутрамин мавжудлиги аниқланган. Ушбу модданинг Ўзбекистонда муомаласи қатъий чекланган бўлиб, ҳатто оз миқдорда сақлаш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, бунга ўхшаш ҳолат аввал Фарғона вилоятида ҳам қайд этилган — ўшанда божхоначилар томонидан оддий жўнатма кўринишида ниқобланган 6 мингдан ортиқ тақиқланган таблеткалар аниқланган эди.

