14 март куни Тошкент шаҳридаги Астрономия боғида “ArTepa” санъат галереясининг очилиш маросими ҳамда ушбу тадбир доирасида “Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” номли кўргазма бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита қўллаб-қувватлаши туфайли Янги Ўзбекистонда маданий ва бадиий уйғонишнинг янги босқичи бошланди. Мамлакатимиз рассомлари янги ғоялардан илҳомланиб, халқаро санъат майдонида тобора фаол ва ишонч билан ўзларини намоён этмоқда. Санъат соҳасини янада ривожлантириш натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистонда тасвирий санъат йўналишида бир қатор йирик халқаро пленэрлар ташкил этилди.

2022 йилдан буён мамлакатимизда турли давлатлардан келган қарийб 100 нафар машҳур рассом иштирокида бешта йирик халқаро пленэр ўтказилди. Ушбу ижодий учрашувлар доирасида 2000 га яқин ноёб рангтасвир ва графика асарлари яратилди. Бугунги кунда ушбу кенг қамровли тўплам фондларда ҳамда экспозицияларда эҳтиёткорлик билан сақланиб, Ўзбекистон миллий бадиий меросининг муҳим қисми сифатида эътироф этилмоқда. Асарларда мамлакатимиз ва бошқа давлатларнинг маданий мероси, туркий халқларнинг миллий либослари, турли мамлакатларнинг бетакрор табиати, ҳайвонот олами ва бошқа кўплаб мавзулар акс этган.


Мазкур ташаббуслар доирасида бугун Астрономия боғида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) ҳузурида “ArTepa” санъат галереяси очилди. Галерея Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилди.


Галерея очилиши муносабати билан “Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” номли кўргазма ташкил этилди. Дилором Мамедова санъатга садоқат тимсоли ва замонавий ўзбек тасвирий санъатининг ёрқин намояндаларидан биридир. 30 йилдан ортиқ вақт давомида унинг ижоди томошабинларни илҳомлантириб келмоқда. Рассомнинг асарлари Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга ҳурмат ва инсон қалбини чуқур ҳис этиш билан суғорилган. Унинг ўзига хос ва осонгина таниладиган бадиий услуби ўзбек халқининг бой маданий меросини — урф-одатлари, анъаналари ва маънавий қадриятларини акс эттиради.
Кўргазмада рассом томонидан “Green University” фондига беғараз тарзда топширилган 100 та ноёб асар намойиш этилмоқда. Шунингдек, кўргазмага бағишлаб барча асарларни ўз ичига олган махсус каталог ҳам нашр этилди. Ушбу каталог санъат ихлосмандлари учун нафақат эстетик илҳом манбаи, балки юртимизнинг бой маданий меросидан фахрланиш учун яна бир сабаб бўлиб хизмат қилади.




Очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, рассомлар, дипломатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” кўргазмаси икки ой давом этади.

