New York, АҚШ – Сентабр, 2025 — Европа модасининг таниқли вакили, Лондонлик дизайнер Омар Мансур Неw Ёрк Мода Ҳафталигида ўзининг 2026-йилги баҳор/ёз коллексияси — “Лапис Лазули” билан дебют қилди. Париж Мода Ҳафталигида аллақачон мустаҳкам ўрин эгаллаган Мансур бу сафар жимжимадорлик эмас, балки нафислик, маданий мерос ва абадий аёллик гўзаллигини олдинга сурди. Коллексиянинг юрагида эса Ўзбекистоннинг қадимий ва бетакрор Иккат матоси турди.

Коллексия номи Марказий ва Жанубий Осиёда қадрланадиган қимматбаҳо тош – лапис лазули номидан илҳомланган бўлиб, бу ғоя либосларда нафақат маънавий, балки визуал жиҳатдан ҳам акс эттирилди. Мансур ўзининг ан’анавий матолар ва замонавий силуетлар уйғунлигидаги услуби билан машҳур. Бу сафар у нозик ипаклар, ярим қимматбаҳо тошлар билан безаклар ва энг муҳими, Ўзбек Иккат матосидан тайёрланган қўлда ишланган тримлар билан коллексияга ўзига хос руҳ бағишлади.
Коллексияда қироллик нафислиги ҳукмрон эди — узун енгли оқимли кўйлаклар, структуралаштирилган, аммо эркин силуетдаги костюмлар ва замонавий, бироқ андозадан чиқмаган кесимдаги либослар орқали Мансур моддий соддалик орқали маданий бойликни ифода этди.


Ранг танловида ҳам чуқур ма’но ётади: чуқур кўк, қум ранглари ва мулойим металлик туслар — буларнинг барчаси коллексия номига ҳамоҳанг тарзда, чўл осмонининг шомги манзарасини эслатади. Бу мавсумда кўпчилик дизайнерлар шов-шувли кўргазмалар сари интилган бир пайтда, Мансур эса сокин нафислик, ҳунармандчилик ва меросга э’тибор қаратди — бу эса ўзбек менталитетига яқин, абадий гўзаллик тушунчасини акс эттиради.
“Лапис Лазули” коллексияси орқали Омар Мансур нафақат Ню-Ёрк модасига кириб келди — у бу ерда Ўзбекистоннинг маданий бойлигини, хусусан Иккат матосини, дунё мода саҳнасига олиб чиқди. Коллексия мода оламида илиқ кутиб олинди ва халқаро дизайн майдонларида ўзбек ҳунармандчилигига бўлган э’тиборнинг ортиб бораётганини кўрсатди.
Бугун Ўзбекистон ўзининг ме’морчилиги, сан’ати ва матотларини дунёга танитаётган бир пайтда, Омар Мансурнинг ушбу коллексияси — халқимизнинг бой маданий мероси замонавий модада ҳам долзарб ва қадрли эканининг ёрқин исботидир.