2021 йилнинг 31 январь куни Н.Р.нинг аризаси бўйича ўтказилган тезкор тадбирда фуқароларни Жанубий Кореяга юбориш билан шуғулланаётган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти Ахборот хизмати хабар берди.
Самарқанд шаҳрида Туркия фуқароси Учар Жума ва унинг танишлари 23 ёшли Муҳаммаджон П., 36 ёшли Дурдона Э., 25 ёшли Зебинисо Н.лар шартли мижоз сифатида жалб қилинган Н.Р.га уни Туркиядаги “Ucar uluslararasi danismanlik international consulting” ширкати орқали $4200 эвазига Жанубий Кореяга ишга юборишини маълум қилиб, дастлабки тўлов сифатида $2 мингни олган вақтларида ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Аниқланишича, ижтимоий тармоқларда Учар Жума ва Муҳаммаджон П.лар тегишли ширкат орқали Туркия томонидан қўйилган тақиқни бекор қилиш, хориж давлатларига ишга юборишлари ҳақида YouTube, TikTok ижтимоий тармоқларига эълон жойлаштириб, Андижон, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролардан алдов йўли билан жами $6 минг олганликлари аниқланган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.