Жорий йилнинг 10 февраль куни Тошкент вилоятида 55 миллион сўмга яқин қалбаки 100 минг сўмлик купюраларни муомалага киргизмоқчи бўлган шахслар жиноят устида ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган Ф.Р. танишлари 1997 йилда туғилган Ж.Т. ва А.А.лар билан биргаликда ноқонуний равишда қалбаки пулларни ясаб, уларни муомалага киргизиш мақсадида тайёрлаганида тезкор ходимлар томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Тадбир давомида ушланган шахслардан 58 дона кесилган, 490 дона қоғозда тайёрланиб кесилмаган қалбаки 100 минг сўмлик купюралар, рангли принтер, 2 қути махсус қоғозлар, пичоқ ва бошқа буюмлар далилий ашёлар сифатида олинган.
Мазкур ҳолат бўйича мазкур шахсларга нисбатан Тошкент тумани ИИБ ТБ томонидан ЖКнинг 176-моддаси 2 қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ, Шайхонтоҳур туманида қалбаки пул ишлаб чиқараётган хонадон фаолияти фош этилганди.