Аввалроқ Тошкент вилояти Бўка тумани ЙТҲ содир бўлгани ва унда 8 ёшли қиз жабрлангани айтилганди.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео тасвирда қизнинг онаси уларга ҳеч ким ёрдам бермаётгани ва ҳолидан хабар олмаётганини айтади. Шунингдек, у қизини “орган ходими” уриб юборганини ҳам эслатиб ўтади.
Видео мурожаатдан бироз ўтиб ИИВ ЙҲХББ берган маълумотда ҳам Spark ҳайдовчисининг шахсига тўлиқ ойдинлик киритилмади.
Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи ИИО ходими бўлган.
“Автомобиль бошқарувида бўлган Ғ.Э. дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида пиёдани Бўка туман марказий шифохонасига етказган. Ушбу ҳолатдан ўзининг тоби бўлмай қизни шифокорлар қабул қилгандан кейин кучли стресс ҳолатида уйига кетган. Яқинларига воқеани айтиб, қизнинг ҳолидан хабар олишни тайинлаган.
Шундан сўнг ҳайдовчининг акаси шифохонага бориб боланинг ҳолидан хабар олган ва дори дармонлар учун моддий кўмак кўрсатган. Аммо қизнинг отаси уни рад этиб, ҳайдовчининг ўзи келишини сўраган.
Кейин эса қизнинг онаси С.А. ижтимоий тармоқлар орқали видео мурожаат йўллаган”, дейилади вилоят ИИББ хабарида.
Ҳозирда раҳбарият назоратида ҳодиса иштирокчилари томонидан ҳар қандай моддий ва маънавий зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси назоратида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.