2020 йил 28 май куни уч ойлик ўғлини квартирага алмаштираётган навоийлик аёл қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Мазкур жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судида кўриб чиқилди ва 1987 йилда туғилган, ҳали турмушга чиқмаган А.И.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.
У Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди А.И.нинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини, муқаддам судланмаганлигини, маҳалла томонидан унга нисбатан берилган ижобий тавсифнома ва кафиллик хатини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имконияти мавжуд деб ҳисоблаб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Шунингдек, унга ҳар ойда бир маротаба Хатирчи тумани ИИБдан рўйхатдан ўтиб туриш, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Навоий вилояти ҳудудини тарк этмаслик каби қўшимча чеклашлар юклатилди.