Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан «Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими» резолюциясини қабул қилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар қилмоқда.
Мазкур резолюция Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш орқали биохилма-хилликни сақлаш ва тиклашга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий дастури концепцияси асосида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда давлатимиз раҳбари томонидан Бош Ассамблеянинг 78-сессияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 28-конференциясида иқлим ўзгаришига ва ерларнинг деградациясига қарши самарали курашиш бўйича билдирган асосий таклифлари ўз ифодасини топган.
Резолюцияга 100 дан ортиқ аъзо давлатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Озарбайжон, Австрия, Бельгия, Баҳрайн, Венгрия, Германия, Италия, Иордания, Индонезия, Қатар, Хитой, Саудия Арабистони, Латвия, Мўғилистон, Марокаш, Ўмон, БАА, Покистон, Португалия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Франция ва дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилди.
Резолюцияда ўрмонларни барқарор бошқариш ва дарахт ўтқазишнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик афзалликлари ҳар томонлама қайд этилган. Уларнинг биологик хилма-хилликни ошириш, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши оқибатларини юмшатиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшган ҳиссаси, жумладан, камбағалликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ҳиссаси алоҳида таъкидланади.
Резолюциянинг ўзига хос хусусияти унинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги сўнгги илмий йўналишларга мувофиқлигидир. Шунингдек, экологик тоза ва экотизимга асосланган усуллардан фойдаланган ҳолда биологик хилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш мақсадида БМТга аъзо мамлакатларга дарахт экиш соҳасида аниқ тавсиялар берилади.