Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро ҳамкорликда янги навигация йўлагини жорий этди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 11 июлдан Т–916 зонали навигация маршрутининг янги бўлимлари расмий эълон қилинди ва ҳаво кемалари парвози учун фойдаланишга топширилди. Шу куни Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси янги йўналишнинг биринчи фойдаланувчиси бўлди.
Ушбу 40 километрга қисқарган янги йўналишнинг жорий этилиши авиакомпанияларга ҳар кунги рейслар давомида йилига 30 тоннадан 50 тоннагача авиаёнилғи тежаш имконини беради. Шу билан бирга, кислород сарфи 50-70 тоннага, атмосферага зарарли диоксид чиқиндилари эса йилига 220-250 тоннага камаяди.
“Авиакомпанияларнинг энг самарали ва қисқа йўналишларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида “Ўзаэронавигация” маркази ДУК ва “Қозаэронавигация” маркази ДУК мутахассисларининг қўшни ҳаво ҳудудлари конструкциялари элементларини оптималлаштириш, шунингдек, ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш диспетчерларининг иш ҳажмини камайтириш масалалари бўйича ўзаро фаол ҳамкорлигида ҳаво йўналишларининг янги участкаларини жорий этиш бошланди”, дейилади хабарда.
Прогнозларга кўра, кунига 30 дан ортиқ авиакомпания янги оптималлаштирилган йўналиш бўйича парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда.