Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева 16 сентябрь куни Халқаро миграция ташкилотининг Шарқий Европа, Жануби-шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Манфред Профаци бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон ҳамда Халқаро миграция ташкилоти ўртасида чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, одам савдосига қарши кураш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига 2019 йилда тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши билан ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2021–2023-йилларга мўлжалланган Амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) муваффақиятли амалга оширилмоқда. Унинг доирасида миграция соҳасидаги муҳим чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди, чегараларни бошқариш, одам савдосига қарши кураш йўналишида амалий ишлар бажарилди.
Мулоқот чоғида ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор таклифлар ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, миграция сиёсатини такомиллаштириш, одам савдосига қарши курашиш ва миграция соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, хотин-қизлар меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш масалалари шулар жумласидандир.
Шунингдек, хорижий мамлакатларда қийин аҳволга тушиб қолган Марказий Осиё давлатлари муҳожирларини қўллаб-қувватлаш бўйича минтақавий лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Конструктив ва амалий руҳда кечган учрашув якунида Ўзбекистон ва Халқаро миграция ташкилоти ўртасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олинди.