Марказий банкда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Марказий банк раҳбарияти, ходимлари ҳамда “ZOOM” платформаси орқали ҳудудий бош бошқармалар ва тасарруфдаги ташкилотлар иштирок этди.
Учрашувга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров таклиф этилди.
Тадбирда Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар «инсон-жамият-давлат» принципига асосланганлиги, миллий конституциявий ўзликни акс эттириши ва амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартиришлар киритишни назарда тутиши борасида фикрлар билдирилди.
Таъкидланишича, Конституциявий комиссияга фуқароларимиздан 48 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти инсон, унинг ҳаёти ва эркинлиги билан боғлиқ бўлган, шунингдек, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган таклифлардир.
Киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар аввало «Инсон қадри учун» деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган. Шунингдек, Конституцияга тузатишлар фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқларини, хусусий мулкчиликни иқтисодий фаолиятнинг эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Муҳокамалар жараёнида Марказий банк ходимлари ҳам Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди.