Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси – IFFHS Осиёнинг 20 ёшгача бўлган умидли футболчиларидан иборат 2021 йилнинг рамзий терма жамоасини эълон қилди. Ҳамюртларимиз – Ўзбекистон ёшлар ва миллий терма жамоалари аъзолари бўлмиш дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ҳамда ҳимоячи Иброҳимҳалил Йўлдошев терма жамоа таркибига киритилди.
Шунингдек, рамзий терма жамоадан дунё футболида ҳам ўз ўрнини топиб бораётган Такефуса Кубо, Даики Матсуока (иккаласи ҳам Япония), Ли Канг Ин (Жанубий Корея) каби истеъдодлар ҳам ўрин олган.
Осиё қитъасининг 20 ёшгача бўлган футболчиларидан иборат рамзий терма жамоаси таркиби қуйидагича кўриниш олган:
Дарвозабон: Абдувоҳид Неъматов («Насаф», Ўзбекистон);
Ҳимоячилар: Шумпей Нарусе (“Нагоя Грампус”, Япония), Иброҳимҳалил Йўлдошев («Пахтакор», Ўзбекистон/“Нижний Новгород”, Россия), Жассим Габер (“Ал Араби”, Қатар), Томас Акилина (“Вестерн Сидней”, Австралия);
Ярим ҳимоячилар: Ли Канг Ин («Валенция»/«Малёрка» (Испания), Жанубий Корея терма жамоаси), Даики Матсуока (“Саган Тосу”/“Шимизу С-Палс”, Япония), Такефуса Кубо («Хетафе»/«Малёрка» (Испания), Япония терма жамоаси);
Ҳужумчилар: Жеонг Санг Бин (“Сувон Блюингз”, Жанубий Корея), Аллоҳёр Сайядманеш («Фенербахче» (Туркия)/«Заря» (Луганск, Украина), Эрон миллий терма жамоаси), Муҳаммад Маран (“Ал Насср”/“Ал Таи”, Саудия Арабистони).