2022 йил 1 январдан эътиборан автомобил сотиб олганлик учун йиғим бекор қилинди. Мазкур йиғим “2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун”да назарда тутилмаган, яъни, автомобиль харид қилганда тўланадиган йиғим тўлиқ бекор бўлган, демак.
Ҳозиргача автосалондан янги машина сотиб олганда шартнома нархининг 3%и миқдорида йиғим тўланарди (масалан, 100 млн сўмлик машина учун 3 млн сўм, 300 млн сўмлик бўлса 9 млн сўм).
Агар иккиламчи бозордан машина сотиб олинганда ишлаб чиқилган йилига қараб ҳар бир от кучи учун 29 минг 700 сўмгача йиғим олинарди. Масалан, ишлаб чиқарилганига 3 йил тўлмаган 100 от кучига тенг машинани сотиб олганлик учун деярли 3 млн сўм йиғим тўланарди.
Агар кимдир машина сотиб олиб, лекин ўз номига расмийлаштиришдаги катта харажатдан қочиб, «генеральная доверенность» олиб ҳайдаб юрган бўлса, унда эндиликда машиналарини ўз номларига ўтказиб олишлари мумкин. Тўғри, ҳозир нотариусда тўланадиган давлат божининг юқори ставкалари ўз кучида турибди, аммо тез орада давлат божлари ҳам камайтирилиши кутилмоқда. Янада аниқроқ айтганда машинанинг от кучи ва йилидан қатъи назар базавий ставканинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилмоқда.